ЎЗБЕКИСТОН ПОПУЛЯЦИЯСИДА МЕТАБОЛИК СИНДРОМ ВА АТЕРОСКЛЕРОЗ КОМОРБИДЛИГИДА КАРДИОВАСКУЛЯР РЕМОДЕЛЛАНИШНИ КОМПЛЕКС ИНСТРУМЕНТАЛ БАҲОЛАШ ВА ИНДИВИДУАЛ ХАВФНИ ПРОГНОЗЛАШ (АДАБИЁТЛАР ШАРҲИ)
收藏资源简介:
Метаболик синдром ва атеросклерознинг бир беморда қўшилиб келиши юрак ҳамда қон томирлардаги субклиник ўзгаришларни тезлаштиради. Бироқ анъанавий хавф омиллари йиғиндиси ҳар доим ҳам миокард, артериал девор ва марказий гемодинамикада бошланган ремоделланишни тўлиқ акс эттирмайди. Ушбу шарҳнинг мақсади метаболик синдром ва атеросклероз коморбидлигида кардиоваскуляр ремоделланишни аниқлайдиган инструментал усулларни тизимлаштириш, уларнинг прогностик қийматини баҳолаш ҳамда Ўзбекистон популяцияси учун мос индивидуал хавф моделини шакллантиришга асос бўладиган кўрсаткичларни белгилашдан иборат. Каротид ультратовуш текшируви, каротид-феморал пульс тўлқини тезлиги, тўпиқ-елка индекси, марказий артериал босим, стандарт ва speckle-tracking эхокардиография, амбулатор қон босими мониторинги ҳамда коронар кальций индекси имкониятлари таҳлил қилинди. Мультимодал ёндашув томир ва миокард зарарланишини бир вақтда фенотиплаш, анъанавий шкалаларда ўрта хавфли деб баҳоланган беморларни қайта таснифлаш ва профилактика интенсивлигини индивидуаллаштириш имконини беради. Маҳаллий модель ёш, жинс, этник ва турмуш тарзи хусусиятлари билан бирга инструментал маркерларни қамраб олиши, ички ва ташқи валидациядан ўтказилиши лозим.



