ТАСВИРЛАРДА ЖОНЛАНГАН МАКОН: ЎРТА ОСИЁ ОТКРИТКАЛАРИ
收藏资源简介:
XIX аср охири — XX аср бошларида оммавий визуал маданиятнинг муҳим элементи сифатида шаклланган открытка жанри жамоатчилик онгида муайян ҳудудлар ҳақидаги тасаввурларни шакллантиришда катта аҳамият касб этди. Откритка (русча “открытка”) — бу очиқ хат шаклидаги почта карточкаси бўлиб, одатда бир томонида расм ёки сурат, иккинчи томонида эса ёзув ва манзил учун жой бўлади. Откриткалар фақатгина почта воситаси эмас, балки муайян ижтимоий-маданий мақсадларда ишлаб чиқарилган визуал маҳсулот ҳисобланади. XIX аср охирида почта алоқаси оммалашгач, откриткалар арзон ва қулай ёзишма шакли сифатида тарқалди. Қисқа табрик, хабар ёки саёҳат таассуротини юбориш учун ишлатилган. Айниқса Россия империяси даврида Туркистон ҳудудида чиқарилган откриткалар шаҳар манзаралари, бозорлар, масжидлар, маҳаллий аҳоли турмушини кўрсатиш орқали ҳудуд ҳақида тасаввур шакллантирган. Уларда акс этган манзаралар муайян ҳудуд ҳақида ташқи ва ички тасаввурни яратган. Шу жиҳатдан, откритка — маданий идентификация воситаси. Откриткалар орқали ўтмиш шаҳар қиёфаси, урф-одатлар, миллий кийимлар ва меъморий муҳит ҳужжатлаштирилган. Бу уларни визуал тарихий манбага айлантиради.



