ТЕРГОВ БЎЛИНМАЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ РАҚАМЛАШТИРИШ ЖАРАЁНИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ
收藏资源简介:
Дунёда жиноятчиликка қарши курашишга оид халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда жиноятларга доир ахборотларнинг ўзаро алмашинувини тўғри йўлга қўйиш ҳамда бу борада замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш зарурати белгилаб берилмоқда. Ушбу қоидалар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги конвенцияларида ўз аксини топган. Кўплаб хорижий мамлакатларда жиноятчиликка қарши курашиш масаласида ахборот технологияларидан унумли фойдаланилаётганлиги шахслар ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилмаслиги, жиноят ишини юритиш муддатларининг қисқариши, процессуал чиқимларнинг камайиши, жиноят-процессуал муносабатларда процсесс иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратилиши, шунингдек, терроризм, одам савдоси, фирибгарлик, гиёҳвандлик воситаларининг қонунга хилоф муомаласи ва кўплаб бошқа турдаги оғир жиноятларни аниқлаш ва уларни фош этиш ҳамда айбдор шахсларнинг айби тўлиқ исботланишига хизмат қилмоқда. Жаҳонда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини рақамлаштириш орқали уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик билан узвий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, жиноятларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, тез ва тўлиқ фош этиш ҳамда шу йўл билан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш юзасидан тадқиқотлар олиб борилмоқда. Хусусан, жиноятларга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш ва жиноят иши бўйича терговни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун давлат органлари ҳамда ташкилотлар ўртасида тезкор ахборот алмашиш, тергов органлари қарорлари, топшириқлари, кўрсатмалари ҳамда бошқа хабарномаларини тегишли давлат органлари ҳамда ташкилотларга электрон ҳужжат кўринишида юбориш, сўроқ қилиш тергов ҳаракати натижаларини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш, шунингдек, жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш чораларини кўриш ва унинг самарадорлигини ошириш мақсадида гумон қилинувчи, айбланувчининг мол-мулкини хатлаш, қидирув эълон қилинган айбланувчиларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган чеклов чораларини ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, ўз вақтида амалга ошириш, хорижий мамлакатлар ҳудудларидаги гувоҳлар ва жабрланувчилардан тушунтиришлар олиш ҳамда улар иштирокида тергов ҳаракатларини видеоконференсалоқа режимида ўтказишни йўлга қўйиш зарурати билан боғлиқ муаммоларни тадқиқ этиш долзарб аҳамият касб этмоқда.1



